Кўпгина ғарб давлатлари бир жинслилар ўртасида боғланадиган никоҳни қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамлашга уринмоқдалар. Баъзи давлатлар эса бу ғайриинсоний никоҳга қонунан рухсат бериш арафасида турибди. Қуйида бу борадаги статистик маълумотларни келтиришни лозим топдик.
АҚШда 1970 йилдан буён гомосексуаллар (бир жинсли алоқа қилувчилар) ўзларининг ҳуқуқларини қонун йўли билан ҳимоя қилинишини сўраб турли намойиш ва митинглар ўтказиб келишарди. 2000 йилга келиб Вермонт штати биринчилардан бўлиб бир жинслилар никоҳини қонунийлаштирди. 2004 йилга келиб Массачусетс, сўнг Калифорния, Коннектикут, Мэн, Нью Гемпшир, Колумбия штатлари ҳам ушбу сафдан ўрин олди.
АҚШ президенти Барак Обама жорий йилнинг январ ойидаги чиқишларидан бирида бир жинслилар ўртасидаги никоҳни қўллаб-қувватлашини ва уларнинг ҳуқуқларини қонунан ҳимоя қилишини айтганлиги жаҳон оммасида анчагина шов-шувларга сабаб бўлди. Ҳозирда Америкада бир жинсли оилалар сони 130 мингдан ошган.
Нидерландия бир жинслилар никоҳини маъқулловчи давлатлар сирасига киради. Бир жинслилар никоҳига, ҳатто уларнинг бола асраб олишига рухсат берувчи қонун бу мамлакатда 2001 йилдан буён амалда.
Бельгия ҳукумати 2003 йил 31 январда бир жинслилар никоҳига рухсат берувчи қонунни амалга киритди. Қонунга кўра, оддий оилалар қандай ҳуқуқ ва имтиёзларга эга бўлса, бир жинсли никоҳ эгалари ҳам улар билан баробар тенг ҳуқуқлидирлар. 2006 йилга келиб эса Бельгия ҳукумати парламенти юқори палатаси томонидан бир жинсли оилаларнинг фарзанд асраб олишларига рухсат бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.
Канадада бир жинслилар никоҳини қонунийлаштириш ишлари 2005 йил 20 июлда бошланди. Овоз бериш ишлари бир неча йил давом этди. Овоз бериш натижаларига кўра икки эркак ёки икки аёлнинг турмуш қуришига давлат томонидан қонунан рухсат берилди. Бироқ бу оилаларнинг бола асраб олишларига ҳали рухсат берилганича йўқ.
2006 йил ноябр ойида Жанубий Африка Республикасида бир жинслилар никоҳи тўғрисидаги қонун амалга киритилди.
2008 йилда Норвегия парламенти ҳам бу никоҳни қонунийлаштирди. Норвегияда эндиликда бир жинсли оилалар бола асраб олишлари, тўйларини дабдаба билан нишонлаб, черковларда никоҳдан ўтишлари мумкин.
2009 йилда Швеция, Мексика давлатлари ҳам бир жинслилар никоҳини қўллаб-қувватловчи қонунни амалга киритишди.
2010 йил май ойида Португалияда бир жинслилар никоҳини қувватловчи қонунга қарши мамлакатдаги машҳур сиёсатчилар ўз норозиликларини қанчалик билдиришмасин, бу қонун кучга киритилди.
2010 йил 21 июлда Аргентина президенти Кристина Фернандес бир жинсли никоҳни қонунийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатини имзолади.
Жорий йилнинг август ойида бундай қонунни амалга киритган мамлакатлар сафига Янги Зеландия ҳам қўшилди.
Шунингдек, бир жинслиларнинг никоҳларига ён босган, уларнинг оила қуришларига рухсат берган мамлакатлар қаторига бирин-кетин Бразилия, Буюк Британия, Уругвай, Франция мамлакатлари ҳам қўшилди.
Уругвай парламенти қуйи палатаси 2013 йил 10 апрел куни бир жинсли никоҳларни қонунийлаштириш учун овоз берди. Бу ҳақда Agence France-Presse ахборот агентлиги хабар берган.
Турли ва бир жинсли икки киши ўртасида никоҳни қонунийлаштирувчи янги қонун учун Вакиллар палатасининг 92 аъзосидан 71 нафари овоз берган. Associated Pressнинг ёзишича, аввалроқ, апрел ойи бошида қонун Уругвай Сенати томонидан маъқулланган эди. Янги қонунга кўра, бир жинсли никоҳдаги кишилар анъанавий никоҳ орқали қурилган оилаларга тааллуқли ҳуқуқлардан фойдаланишлари мумкин. Улар қаторида, жумладан, фарзанд асраб олиш ва сунъий уруғлантиришни ўтказиш кабилар ҳам бор. Мамлакатда тузиладиган ҳам бир жинсли, ҳам анъанавий никоҳ шартномаларида “эр” ва “хотин” сўзлари ўрнига нейтрал “шартнома иштирокчилари” сўзлари ишлатилади. Айни вақтда, қонун Уругвайга келган хорижликларга ҳам бир жинсли никоҳларни расмийлаштириш имконини беради. Бир жинсли никоҳлар тўғрисидаги қонун мамлакатда амалда бўлган ва аёлларга никоҳни бир томонлама бекор қилиш имконини берадиган ажрим қоидаларига ҳам ўзгартиш киритади. Янги тартибга кўра, никоҳ шартномасини тузган томонлардан ҳеч бири ҳамкорининг розилигисиз никоҳни бекор қила олмайди. Бундан ташқари, қонун оила қуриш ёшини ҳам ўзгартиради: бунгача аёллар 12, эркаклар 14 ёшдан оила қуришлари мумкин бўлса, янги қонун ҳар иккала жинс учун 16 ёш қилиб белгилаган.
2010 йил куз ойларида АҚШнинг Техас университети профессори Марк Регнерус ўзининг “Бир жинслилар оиласида тарбияланаётган болаларнинг оддий оилалардаги болалардан фарқи” мавзусидаги илмий иши устида изланишни бошлаганди. Илмий изланиш натижаларига кўра “икки дадали” ёки “икки онали” бўлиб улғайган болаларда оилавий муносабатларга ишончсизлик, қарама-қарши жинс вакилларига бўлган қўрқув, нафрат туйғулари оддий оилаларга нисбатан анчагина юқори эди. Шунингдек, бундай оилаларда тарбияланаётган ўсмир ёшдаги болаларнинг 24 фоизида психик бузилишлар натижасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилган. Янаям қўрқинчлиси, бир жинсли оилаларда тарбия топаётган болаларнинг атиги 60 фоизи кейинчалик қарама-қарши жинс вакиллари билан бирга бўлишни афзал кўриши, қолганлари эса “ота-оталари” ёки “она-оналари” изидан боришлари маълум бўлди.
Бу каби ғайриодатий, жирканч алоқалар ўзининг зарарларини кўрсата бошлаганлиги табиий. Ҳисоботларга кўра, дунёдаги гонорея касалига чалинганларнинг 40 фоизини, сифилис хасталигининг турли кўринишларига чалинганларнинг 60 фоизини айнан гомосексуалистлар ташкил этади. Ўшандай кимсалар дунё бўйлаб тарқалаётган сифилис, гонорея, гепатит Б, ичаклар гейсиндроми, туберкулёз, цитомегалия вирусларининг асосий ташувчилари ҳисобланишади. Кўпчилик руҳшуносларнинг таъкидлашича, гомосексуалистлар бошқа оддий одамларга нисбатан ўзларини бахтсизроқ ҳис этишар экан, уларнинг 70 фоизи буни ижтимоий камситилиш сабаб, дея изоҳлайди.
АҚШ шаҳарларидаги содир этилаётган қотилликларнинг тенг ярмини гомосексуалистлар содир этишади. Лос Анжелесдаги 30 мингта зўравонликка учраган болаларнинг аксарияти гомосексуалистлар томонидан жабрланганликлари маълум бўлди.
Ҳисоблашларга кўра, гомосексуалистларнинг ўртача умр кўриши 40 йил, улардан 9 фоизигина 65 ёшгача яшаши мумкинлиги аниқланган. Улар ўлимининг аксарияти ОИТС сабабли эканлиги таъкидланган.
Ҳисоботларга кўра, Эрон, Саудия Арабистони, Судан, Мавритания гомосексуалистлар учун энг ёмон мамлакатлардир. Бу давлатларда гомосексуализм учун ўлим жазоси белгиланган. Бизнинг давлатимизда ҳам бир жинслилар ўртасидаги муносабатлар қонун билан чекланган бўлиб, қонун ҳужжатларида уларга қўлланиладиган жазо чоралари кўрсатиб ўтилган.
Шу ўринда, бир мулоҳаза! Бутун дунёни ўз измига бўйсундиришга жон-жаҳди билан чиранаётган ҒАРБ ўзи қурган зиндонга ўзи қулаётганлигини наҳотки билмаётган бўлса?! Одатий ота-она бўлиб яшайдиган, никоҳ сабабли фарзанд орттириб, ўз авлодини давом эттира оладиган оилалар ўрнига гуноҳ лойига ботган, ўзлигини, инсонлигини унутган “ҳайвон”дан баттар кимсалар ўринбосар бўлиб қолса, жамият, давлатнинг келажагини қандай тасаввур қилиш мумкин? Бу иллат давлат ва жамиятларнинг илдизига тушган қурт бўлиб, аста-секин уни қулатиши мумкинлигини ақли бор одам дарров фахмлайди. “Келажак – мусулмонларники”, деган башоратлар яқинлигига яна бир иймон келтирасан киши. Лекин биз мусулмонлар сергак бўлишимиз керакки, бизнинг ҳам орамиздан ўшандай кимсалар чиқиб қолмасин.
“Оммавий маданият” номини олган аждарҳо борган сари ўз сарҳадларини кенгайтириши пайида экан, барчамиз бундан огоҳ бўлишимиз лозим. Ўзимизни, келажагимиз пойдевори ҳисобланмиш фарзандларимизни бу аждарҳо домига тушиб қолишларидан доимо асрашимиз керак.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни лозим деб биламизки, юқоридаги каби жирканч иллатга қарши курашишда барча жамоатчилик бир бўлиб ҳаракат қилмоғимиз лозим. Оммавий ахборот воситаларида, жамоат жойларида халқимизни бу иллатдан огоҳлантиришимиз барчамизнинг бурчимиздир. Мусулмон шахс ёмонликка рози бўлмайдиган, уни рад қиладиган, имкони борича яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган етук шахс бўлмоқлиги лозим. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганларидай: “Қай бирингиз бирон ёмон ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Бунга кучи етмаса, тили билан ўзгартирсин. Агар бунга қодир бўлмаса, қалби билан ўзгартирсин. Буниси эса иймоннинг ўта заифлигидир”. (Муслим ривояти)
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ер юзида бирон маъсият қилинса, унинг гувоҳи бўлиб, ўша гуноҳни ёмон кўрган киши, (бир ривоятда “инкор этса” дейилган) бамисоли гуноҳ-маъсиятни кўрмаган кишидек бўлади. Бирон маъсиятнинг шоҳиди бўлмаса-да, унга рози бўлган кимса худди гуноҳ-маъсиятнинг гувоҳи кабидир”.
Масжидларда, тўй-маросимларимизда илмли пешволаримиз мусулмонларга динимиз таълимотларини етказишлари, уларни ислом динига ёт бўлган унсурлардан ҳимоя қилишда бор имкониятларини ишга солишлари ниҳоятда зарурдир. Келажагимиз бўлмиш ёшларимизнинг онгига муқаддас динимиз таълимотларини, асрлар оша қадрият бўлиб келаётган миллий урф-одатларимизни сингдириб боришда маориф ходимлари ҳам жонбозлик кўрсатишлари лозим. Оммавий маданиятни тарғиб қилаётган матбуот материаллари, газета ва журналлар, интернет наршларидан ёшларимизни эҳтиёт қилишимиз кераклиги ҳозирда кўп таъкидланмоқда. Бу ишдаги ота-оналар ва жамоатчиликнинг роли устивор эканлигини унутмаслигимиз керак.